БАЛИҚЧИЛАР

БАЛИҚЧИЛАР, чигитчилар, чайкалар (Laridae) — чўлдуқсимонлар туркумига мансуб қушлар оиласи. 45 — 46 тури бор. Буларнинг ичида энг каттаси (бўйи 75 см, оғирлиги 2,5 кг) Мурманск қирғоқларига уя солувчи денгиз балиқчиси (Larus marinus), энг кичиги (бўйи 20 см, оғирлиги 50 — 60 г) Болтиқ ва Охота денгизлари қирғоғига уя солувчи кичик балиқчи (Laras minutus)диp. Б. нинг ташқи тузилиши сув-ҳаво муҳитида яшашга мослашган бўлиб, оёқлари тўрт бармоқли, олдинги учта бармоғи орасида сузгич пардалари бор. Қанотлари узун ва кенг, сув устида енгил ва тез учишга мослашган. Бўйни калта, тумшуғи узун ва кучли бўлиб, устки қисми илмоққа ўхшаб пастга қайрилган. Патининг ранги ёшига қараб ўзгаради. Пати асосан оқ, фақат қанотининг кейинги қисми, баъзан боши қорамтир, кулранг ёки қўнғир бўлади, йилига икки марта — баҳор ва кузда туллайди. Балиқчилар шим. ва жан. Қутбдан экваторга қадар кенг тарқалган. Ҳаёти сув билан боғлиқ бўлсада, сувдан узоққа ҳам учиб кетади. Баъзи турлари дарё, кўл каби чучук сув ҳавзаларида ҳам яшайди. Бир денгиздан иккинчи денгизга дарё ва кўл ёқалаб учиб боради. Кўп вақтини ҳавода ўтказади. Сувда яхши сузади. Кўп турлари колония бўлиб қуруқликка уя солади. 1—4 дона тухум қўяди. Балиқчилар сув юзасига яқин юрадиган касалланган ва майда хашаки балиқлар, турли сув ва қуруклик ҳашаротлари, қисқичбақалар ва майда кемирувчилар билан озиқланади. Зараркунанда ҳашаротлар ва кемирувчиларни қириб, қ. х. га фойда етказади. Ўзбекистонда Балиқчиларнинг 6 тури учрайди. Булардан кўк балиқчи (Larus canus), кумуш балиқчи (L. argen-tatus), қорабош балиқчи (L. iehthyaetus), кўл балиқчиси (L. ridibundus) деган турлари уя солади. Қорабош балиқчи Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.