БАЛИҚЧИ ТУМАНИ — Андижон вилоятидаги туман. Вилоятнинг шим.ғарбий қисмида. 1926 й. 29 сент. да ташкил этилган. Наманган вилоятининг Норин тумани ва Андижон вилоятининг Избоскан, Шаҳрихон, Олтинкўл, Бўз, Улуғнор туманлари билан чегарадош. Майд. 0,34 минг км2. Аҳолиси.41,6 минг киши (2000). Балиқчи туманида 9 қишлоқ фуқаролари йиғини (Алимбек, Балиқчи, Бўстон, Гулистон, Охунбобоев, Сиза, Хўжаобод, Эски Ҳаққулобод, Ўрмонбек) бор. Маркази — Балиқчи қишлоғи.
Т а б и а т и . Туман ҳудуди текисликлардан иборат. Янв. нинг ўртача т-раси —4°, июлники 26°. Йилига ўртача 195 — 210 мм ёғин тушади. Вегетация даври 235 кун. Туман ҳудудидан Қорадарё, Мазгилсой, Чинободсой ва Катта Андижон канали оқиб ўтади. Тупроғи ўтлоқи бўз, кучсиз шўрланган тупроқ. Ўсимликлардан шўра, шувоқ, момақаймоқ, қамиш, мингдевона, янтоқ, ажриқ, юлғун, оқбош, отқулоқ, қирқбўғин, ғумай, қўйпечак, ялпиз ўсади. Эчкемар, тошбақа, тулки, қуён, илон, калтакесак, қушлардан лайлак, ўрдак, чумчуқ, сўфитўрғай, қарға, мусича яшайди.
Аҳолиси, асосан ўзбеклар; руслар, татарлар, тожиклар, уйғурлар ва б. ҳам яшайди. 1 км2 га 416 киши тўғри келади.
Х ў ж а л и г и. Туман, асосан, пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган. Туманда 6 саноат корхонаси бор: Балиқчи нотўқима матолар и. ч. акциядорлик жамияти, Алишер Навоий номидаги Интернейшнл Ўзбек-Америка қўшма корхонаси, Чинобод пахта тозалаш акциядорлик жамияти, Балиқчи нотўқима матолар ишлаб чиқариш акциядорлик жамияти корхонасининг ип ўраш цехида спорт буюмлари и. ч. акциядорлик жамияти, Балиқчи нон и. ч. акциядорлик жамияти, «Балиқчи тонги» акциядорлик жамияти. 2 механизациялашган Кўчма акциядорлик жамияти бўлиб, бири сув иншоотлари қуриш ва янги ерларни ўзлаштириш билан шуғулланади, иккинчиси хўжаликлараро қурилиш бошқармаси. Бўрдоқчилик базаси, Балиқчи ва Чинобод машина трактор парклари мавжуд. Туманда Балиқчи матлубот акциядорлик жамияти, Чинобод матлубот акциядорлик жамияти фаолият кўрсатади. Туманда 1 та қўшма корхона, мингдан ортиқ кичик ва хусусий корхона мавжуд. Булардан энг машҳурлари: «Муҳаммад» савдо ва и. ч. фирмаси, «Наргиз» фирмаси, «Наврўз — 9» савдо и. ч. фирмаси, Чинобод фермер хўжалиги.
Хўжаликлар чорвачилик, боғдорчилик, пиллачилик, полизчилик, сабзавотчилик ва шоликорлик билан шуғулланади. Қ. х. да суғориладиган ерлар 23,0 минг га, экинзорлар 19,0 минг га, шу жумладан 11,3 минг га ерга пахта, 6,0 минг га ерга буғдой, 0,3 минг га ерга сабзавот, 0.05 минг га ерга картошка, 1,3 минг га ерга ем-хашак экинлари экилади. Балиқчи туманида 19 жамоа ва ширкат хўжалиги, 525 фермер хўжалиги бор. Хайрихон Эргашева номидаги, «Чинобод», «Пахтакор», «Ўзбекистон». А. Мўминов номидаги. «Бўстон», Улуғбек номидаги ширкат хўжаликлари тумандаги йирик ва машҳур хўжаликлардир.
Балиқчи тумани 2000 и. да қарийб 40 минг т пахта, 45 минг т дан зиёд буғдой топшириб, шартнома режасини ортиғи билан бажарди.
Туман жамоа ва шахсий хўжаликларида 37,9 минг қорамол, 26,7 минг қуй ва эмки, 70,1 минг парранда боқилади. Яқин т. й. станцияси — Ҳаққулобод (туман марказидан 29 км). 1999/2000 ўқув Ҳайрихон Эргашева номидаги ширкат хўжалигининг пахта далаларида йилида 52 умумий таълим мактаби бўлиб, 32,7 минг ўқувчи, 1 гимназияда 252 ўқувчи, 1 академик лицейда 207 ўқувчи, 1 махсус мактаб-интернатда 250 ўқувчи, 2 коллежда 1200 ўқувчи, 1 иқтисодиёт лицейида 251 ўқувчи таълим олди. Маданият саройи, марказий кутубхона, мусиқа мактаби, 50 оммавий кутубхона, 13 маданият уйи, ижодкорлар уйи, 2 кўчма клуб, 740 ўринли 4 касалхона ва диспансер, 10 қишлоқ амбулаторияси, 42 тиббиёт пункти бўлиб, уларда 250 врач, 1996 нафар ўрта маълумотли тиббий ходим ишлади (2000). 1932 й. дан «Ғалаба» туман газетаси чиқади (адади 3000).