БАЛИҚ МОЙИ

БАЛИҚ МОЙИ — треска, камбала, олабуға, сулаймонбалиқ, палтус балиқлари жигаридан ва денгиз сут эмизувчиларининг тери ости ёғ қатламидан олинадиган мой. Сарғиш, тиниқ суюқлик бўлиб, балиқ ҳиди ва мазаси бор. Таркибида кўп миқдорда А ва D витаминлари, шунингдек йод ва б. бирикмалар бўлади. Витаминлаштирилган Балиқ мойи ҳам ишлаб чиқарилади. Рахит, сил, шабкўрликнинг олдини олиш ва даволашда, синган суякнинг битишини тезлатиш мақсадида ишлатилади. Болаларга 2 — 3 ойлигидан кунига 1 марта 1 — 2 томчидан ичириб, ҳар куни 1 томчидан кўпайтира бориб, бир чой қошиққа етказилади. Ҳомиладорларга ҳам берилади. Ёзда Балиқ мойи ичмаган маъқул. Куйган, жароҳатланган жойларни, ярачақаларни даволашда сиртдан ишлатилади. Чорвачиликда бузоқларга бир кунда 15 — 20 г, чўчқаларга 20 — 40 г бериш тавсия этилади. Товуқларга кунига 5 г дан берилганда тухум қилиши кўпаяди. Балиқ мойи оғзи берк идишларда қоронғи ва салқин жойда сақланиши керак, чунки ёруғликда Балиқ мойи даги D витамини заҳарли токсистеролга айланиши мумкин. Балиқ саноати чиқиндиларидан техник Балиқ мойи олинади ва у тери ҳамда совун и. ч. да ишлатилади.