БАЛЧИҚЛИ ВУЛКАНЛАР — доимий ёки вақт-вақти билан Ер юзасига кўпинча сув ва нефть аралаш ҳолда балчиқ массалари ва газнинг отилиб чиқишидан ҳосил бўладиган турли шаклдаги геологик тузилма. Бу суюқликлар вулкан конусларининг ён бағрида аста-секин қотади; уз. 10 — 20 км, қалинлиги 5 — 30 м, кенглиги бир неча юз м. гача бўлади. Асосан нефтли ва вулканли жойларда учрайди. Балчиқли вулканлардан метан, ис гази, карбонат ангидрид, азот ва б. газлар чиқиб туради. Озарбайжон, Туркманистон, РФ (Кубанда, Тамань, Керчь, Камчатка я. о. лари) ҳамда Италия, Исландия, Марказий Америка ва б. жойларда Балчиқли вулканлар бор.