БАЛАНСОМЕР

БАЛАНСОМЕР — ер сирти ёки атмосферадаги исталган нуқтанинг радиация (нур) балансини (ютилган радиация билан қайтган радиация орасидаги фарқни) ўлчайдиган асбоб. Б. нинг кўп хиллари бор. Лекин термоэлектрик Балансомер кўпроқ ишлатилади. Унинг асосий иш қисми қорайтирилган иккита мис пластинкадан иборат. Улардан бири Қуёш ва атмосферанинг юқори қатламларидан келадиган радиацияни, иккинчиси ер сиртидан қайтган ва атмосферанинг паст қатламларидан келадиган радиацияни қабул қилади. Пластинкалар т-ралари фарқига қараб радиация баланси аниқланади. Ўзбекистонлик олимлар М. Лютерштейн ва Т. Скворцовлар биринчи бўлиб (1930 й.) Тошкентда ўзлари ихтиро қилган Балансомер ёрдамида ер сиртининг радиация балансини узлуксиз ёзиб бориш усулини ишлаб чиқишган.