БАЛАНОГЛОССЛАР

БАЛАНОГЛОССЛАР (Balanoglossus) – ичак билан нафас олувчилар синфига мансуб чала хордалилар уруғи. Гавдаси чувалчангсимон, учта қисмдан — хартум, ёқа ва танадан иборат, уз. 2,5 м га етади. Бошланғич хордаси ва невроцели бўлади, лекин тузилиши ҳақиқий хордалилардан фарқ қилади. Баланоглосслар денгизнинг унча чуқур бўлмаган жойларида қумга кўмилиб яшайди. Узун мускулли хартуми қумни кавлаб кириб олишга ёрдам беради. Гавдасининг хартумдан кейинги ёқа деб аталадиган қисми ҳалқа шаклида танасини ўраб олади. Гавдаси сиртдан бир қават киприкли эпителий билан қопланган. Эпителий остида ташқи ҳалқасимон ва ички бўйлама мускуллар жойлашган. Оғиз тешиги қорин томонига Хартум б-н ёқа ўртасига очилади. Баланоглосслар сув тубидаги балчиқни ютиб, ундаги органик қолдиқлар ва майда организмларни ажратиб олиб озиқланади. Бир неча тури маълум. Шим. ва Узоқ Шарқ денгизларида 3 тури тарқалган.