БАЛАНДЛИК КООРДИНАТАСИ, мутлақ баландлик — геодезияда ер сиртидаги нуқталарнинг асос (бошланғич) деб қабул қилинган денгиз сатҳига нисбатан баландлиги (ёки мутлақ белги). Нивелирлаш йўли билан аниқланади. Ўзбекистонда Болтиқ денгизининг ўртача сатҳи (Кронштадт фут-штогининг ноли) га нисбатан ҳисобланади. Мас: Тошкент ш. нинг денгиз сатҳидан энг баланд жойи 515 м бўлиб, Мирзо Улуғбек туманидаги «Трактор» автост-яси яқинида, энг паст жойи (380 м) Сергели туманида, Чирчиқ дарёси соҳилида.