БАЛАНД МАСЖИД

БАЛАНД МАСЖИД — Бухоро ш. даги гузар масжиди (16-а.). Бино мурабба тарҳли (пишиқ ғиштдан қурилган), қалин деворли. Масжид харсанг тошлар устига қурилган. Баланд масжиднинг шим. ва шарқий томонлари нақшин шифтли айвон билан ўралган. Ички деворларининг пастига чиройли изоралар қопланган. Шарқ томондаги тўқ яшил рангли изораларга 6 бурчакли кўк сопол кошинлар терилган. Ғиштчалар атрофига нозик ўсимликсимон шакллар чизилиб, устидан олтин суви юритилган (булар яхши сақланган). Деворнинг ғарбий томонидаги изоралар кошин билан қопланган ва кундал усулидаги нақшлар б-н ҳошияланган. Баланд масжид деразаларидаги панжаралар сопол ғиштчалардан терилган. Меҳробининг атрофи сиркор сополчалар билан безатилган ва уларга олтин суви юритилган. Унинг ён томонлари ва тепасига тўғри бурчакли сополчалардан сулс хати билан ёзувлар битилган. Ёзувлар тепасига, шифтга яқинроқ жойга муқарнаслар ишланган, уларга хам олтин суви юритилган. Деворлардаги (жан. девордан ташқари) расмлар ҳали хам аввалгидек ялтираб турибди. Баланд масжиднинг шифти тоқили, ҳовузакли бўлиб, нақшлар б-н безатилган. Уни қуришда мумтоз давр меъморлигининг ноёб ва нафис усулидан кенг фойдаланилган. Кейинги даврлардаги меъморлар Баланд масжиднинг безакларидан намуна кўчирганлар. Баланд масжид безакларининг зарлари тўкилиб, нақшлари кўчиб, қорайиб қолган. Баланд масжид бир неча бор таъмирланган.