БАЛАНЧИВАДЗЕЛАР — жаҳонга танилган грузин санъаткорлар оиласи. Мелитон Антонович (1862.12/ 24.12, Чхалтубо тумани Баножа қишлоғи — 1937.21.11, Кутаиси) — композитор, опера хонандаси, жамоат арбоби, мусиқа фольклоршуноси. Грузия халқ артисти (1933). Грузия композиторлик санъатининг асосчиларидан, биринчи грузин операси («Дарежон», 1897), илк грузин романсларининг муаллифи. Тбилисида этнографик хор (1882), Петербургда машҳур гр«узин концертлари»ни (1895 — 1917), Кутаисида мусиқа билим юртини (1918) ташкил қилган. Андрей Мелитонович (1906.19.5/1.6, Петербург — 1992, Тбилиси) — композитор, педагог, жамоат арбоби. Мелитон Антоновичнинг ўғли. Тбилиси (1927) ва Ленинград (1931) консерваторияларини битирган. 1935 й. дан Тбилиси консерваторияси (1942 й. дан проф., 1962 й. дан композиция кафедраси мудири), Грузия Композиторлар уюшмаси (1953 й. дан раиси, 1973 й. дан фахрий раиси) да ишлаган. Биринчи грузин балета («Тоғлар қалби», 1936; Навоий театрида ҳам қўйилган, 1940) ва симфонияси (1944) нинг муаллифи. Шунингдек, «Мзия» операси (1950), 2 та симфония, «Карцанис жанги», «Денгиз», «Днепр» симфоник лавҳалари, 4 та фортепиано концерта ва б. асарларни яратган. Георгий Мелитонович (1904.9Ғ22.1, Петербург – 1983, Нью-Йорк) — америкалик хореограф ва балет артисти. Замонавий балет санъатининг асосчиларидан. Дунёга Жорж Баланчин номи билан машҳур. Мелитон Антоновичнинг ўғли. Петербург театр билим юртини (1921) битирган. 1921 — 24 й. ларда Петроград академик балет театрининг яккахон артисти, «Ёш балет» труппасининг ташкилотчиси. 1924 й. дан чет эл (Европа ва Америка) да яшаган. Дягилев театри (Париж)да қатор балетларни саҳналаштирган. 1934 й. да АҚШда балет мактабини ва Америка балет труппасини, 1948 й. да «Нью-Йорк сити балет» труппасини ташкил этган. Лондон, Париж, Милан, Копенгаген ва б. Европа шаҳарларида 100 дан зиёд балетларни саҳналаштирган, шу жумладан мумтоз чолғу, симфоник ва опера (И. С. Бах, Г. Ф. Гендель, В. А. Моцарт, Ж. Визе, И. Стравинский ва б.) асарларига балет яратган. «Машҳур балетларнинг батафсил тарихи» китобининг муаллифи.