БАКУНИН Михаил Александрович (1814.18.5, Тверь губерняси — 1876.19.6, Берн) — инқилобчи, анархизм назариётчиларидан бири. 1848 — 49 й. лардаги Европа (Париж, Дрезден, Прага) инқилобий ҳаракатларининг иштирокчиси. 1849 й. майида Бакунинни Дрезден қўзғолони раҳбарларидан бири сифатида Саксония ва Австрия ҳукуматлари ўлимга, сўнг умрбод қамоққа ҳукм қилди. Кейинроқ Бакунин Россия ҳукумати қўлига топширилгач, Николай I буйруғи билан Сибирга сургун этилди. 1861 й. да Бакунин у ердан қочиб, Япония ва Америка орқали Лондонга келди. Турли инқилобий ташкилотлар, нашрлар, махфий жамиятлар ишида фаол қатнашди. 1868 й. да 1-Интернационалга кириб, Маркс ва сафдошларига қарши кураш бошлади. Бакунин «Давлат тузуми ва анархия» (1873) асарида тарих — эволюцион жараён, у инсониятнинг «ҳайвонот дунёсидан» «озодлик дунёси» сари ҳаракатидан иборат, деган ғояни илгари сурди. Унинг фикрича, тараққиётнинг юқори босқичида зулм-истибдодга асосланган ҳар қандай давлат барҳам топади, инсоннинг барча қобилиятлари камолга етиши учун имкон яратилади.