БАКТЕРИУРИЯ

БАКТЕРИУРИЯ (бактериялар ва юн. шоп — сийдик) — сийдикда бактериялар бўлиши; буйрак ва сийдикнинг яллиғланиш касалликлари, шунингдек ич терлама, бруцеллёз, лептоспироз ва б. юқумли касалликларда кузатилади. Чин ва сохта бўлади. Чин Бактериурияда микроблар сийдик йўлларида кўпайиб туради. Сохта Бактериурияда микроблар қондан сийдикка ўтади-ю, кўпаймай чиқиб кетади. Юқоридаги касалликларда бактериялар қондан сийдикка ўтади. Сийдик чиқариш канали (уретра)да доим микроблар бўлганлиги учун соғлом кишилар сийдигидан ҳам кўпинча бактериялар топилади. Бактериурияни аниқлаш учун сийдик махсус муҳитларда ундирилади, чўкмаси микроскопда кўздан кечирилади. Ич терлама, бруцеллёз, риккетсиоз, лептоспироз билан оғриган кишиларнинг сийдиги билан бактериялар чиқиши теварак-атрофдаги кишиларга касаллик юқиши хавфини туғдиради.