БАКТЕРИЦИД МОДДАЛАР

БАКТЕРИЦИД МОДДАЛАР (бактериялар ва лот. caedo — ўлдираман) , б а к т е р и ц и д лар — бактериялар ва б. микроорганизмларга таъсир кўрсатиб, уларни ўлдирадиган кимёвий моддалар. Замбуруғларни ўлдирадиган моддалар фунгицидлар, амёбаларни ўлдирадиган моддалар амёбоцидлар деб аталади ва ҳ. к. Кимёвий табиати ҳар хил бирикмалар: фенол, сулема, спирт, формалин, водород пероксид, калий перманганат, хлорли оҳак, хлорамин; газлардан: сульфит ангидрид, этилен оксид, метил бромид ва б. моддалар, шунингдек антибиотиклар Б. м. га киради. Одам ва ҳайвонлар қонида ҳосил бўладиган антителолар ҳам бактерицид таъсир кўрсатади. Бактерияларнинг вегетатив шаклларини Бактерицид моддалар тез ўлдиради. Бактерицид моддалардан баъзилари микроб ҳужайрасининг оқсилини денатуратлайди, баъзилари эса муайян фермент системаларига зарар етказади ва ҳ. к. Оқсиллар (йиринг, зардоб, сут ва б.) иштирокида Бактерицид моддалар таъсири камаяди. Бактерицид моддалар тиббиёт амалиётида антисептик ва дезинфекцияловчи модда сифатида, шунингдек юқумли касалликларни кимёвий усуллар билан даволаш ва олдини олиш учун ишлатилади.

Қишлоқ хўжалигида ўсимлик ва чорва моллари касалликларига қарши курашда фойдаланилади. Касалликнинг олдини олиш мақсадида уруғлик экишдан олдин мис ёки олтингугурт препаратлари билан упаланади. Даво Бактерицид моддалар (симоб препаратлари, фенолнинг азотли ҳосилалари) ўсимлик тўқималаридаги бактерияларга таъсир этади. Кўпгина Бактерицид моддалар сингиб таъсир этиш хусусиятига эга бўлиб, ўсимликка шимилади ва касаллик қўзғатувчйларни заҳарлайди. Айрим Бактерицид моддалар (мас, антибиотиклар ва б.) баъзи ҳолларда ўсимликда кечадиган физиологик ҳамда биокимёвий жараёнларда иштирок этиб, ўсимликда сунъий кимёвий иммунитет пайдо қилади. Пахтачиликда Бактерицид моддалардан мис трихлорфенолят (ТХФМ) гоммозга (уруғлик чигит пахта тозалаш з-дларида бу препарат билан упаланади), фентиурам гоммоз, ғўзанинг илдиз чириш касаллиги ҳамда кемирувчи тўпламларга қарши курашда қўлланилади.