БАКТЕРИОСТАЗ

БАКТЕРИОСТАЗ (бактериялар ва юн. stasis — тўхтаб қолиш) — ноқулай физик ва кимёвий омиллар таъсир этиши ёки ўсиш учун қулай шароит йўқлиги туфайли бактерияларнинг ўсиб ривожланишдан қисман ёки батамом тўхташи. Бактериостазда бактериялар заҳарли моддалар чиқармай қўяди, тиббиётда химиотерапевтик воситаларнинг қўлланилиши ана шунга боғлиқ. Турли бактериостатик моддалар ва физик омиллар (юқори осмотик босим, нур, паст т-ра ва б.) Б. га сабаб бўлади. Улар таъсири тўхтагач, бактериялар яна ўсиб, кўпайиб кетади, лекин бундай моддалар ва омиллар таъсири узоқ давом этганида бактериялар ҳалок бўлади.