БАКТЕРИОЛИЗ

БАКТЕРИОЛИЗ — бактерияларнинг антителолар, бактериофаглар, лизоцим, антисептиклар, химиотерапевтик моддалар, аутолиз таъсирида эриши, иммун реакцияларнинг бир тури. Бактериолиз бактерия ҳужайраси деворидаги пептидогликон ва цитоплазма мембранасининг емирилишидан иборат. Специфик (бактериофаглар, бактериолизинлар, лизоцим таъсирида) ва носпецифик (айрим гидролитик ферментлар, физик ва кимёвий омиллар иштирокида) Бактериолиз фарқ қилинади. Бактериолиз одам ва ҳайвонлар организмида микробга қарши антителолар таъсирида рўй беради. Бу жараён бактериолиз реакцияси деб аталиб, лаб. шароитида ҳам қўлланилади. Олдиндан тайёрлаб қўйилган маълум иммун зардоб воситасида касаллик микробини аниқлаш мумкин. Реакция оқибатида микроб ҳужайрасининг юзасидаги моддалар парчаланиб, ичидаги маҳсулот атроф муҳитга ажралиб чиқади. Бу реакциядан асосан организмда микробга қарши (мас, вабо касаллигида) антителолар ҳосил бўлиш жараёнини ўрганишда фойдаланилади.