БАКРАБАЛИҚ

БАКРАБАЛИҚ (Acipenser nudiventris) — суякли балиқлар синфининг осётрсимонлар туркуми ва осётрлар оиласига мансуб балиқ. Қора, Азов, Каспий ва Орол денгизи ҳавзаларида тарқалган. Балхаш кўли ҳавзасида иқлимлаштирилган. Танаси дуксимон, тумшуғи чўзиқ, оғзи бошининг пастила. Скелети тоғайдан ташкил топган. Танасидаги чўгирлар беш қатор, орқасида 11 — 17 та, ён томонида 55 — 57 та, қорнида эса 15 — 16 та чўгири бор. Бўйи 2 м дан ортиқ, оғирлиги 80 кг гача. Бакрабалиқ ўткинчи балиқ, ҳаётининг бир қисмини денгизда (шўр сувда) ўтказса, урчиш даврида дарёга (чучук сувга) ўтади. Урғочиси 12 — 14 ёшида, эркаги 8 — 9 ёшида вояга етади. Серпуштлиги ёшига боғлиқ. Бўйи 120 — 150 см, оғирлиги 13 — 20 кг бўлганда 210 — 340 минг увилдириқ (тухум) қўяди. Орол денгизининг биологик ҳолати балиқлар учун яхши бўлганда увилдириқ ташлаш учун оролдан Амударё ва Сирдарё қуйилишида тўпланиб, сўнгра дарёнинг юқори оқимидаги увилдириқ ташлайдиган жойларга кетади. Тухумдан чиққан балиқчаларнинг бир қисми дарё сув оқими бўйлаб денгизга (шўр сувга) қайтади, қолганлари эса дарёда қолади. Бакрабалиқ умуртқасиз ҳайвонлар, чиғаноқлар ва сув ўсимликлари билан озиқланади. 1936 й. гача Орол денгизи ҳавзаларида кўплаб овланар эди.

Сирдарё ва Амударёдаги ирригация қурилишлари ва Орол денгизи экологик ҳолатининг ўзгариши натижасида Бакрабалиқ жуда камайиб кетди. Ҳозир Амударёнинг қуйилиш жойидаги сув ҳавзаларида ва Зарафшон дарёсининг қуйи қисмидаги йирик каналларда оз миқдорда сақланиб қолган. Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.