БАКИРОВА Ойбарчин Аббосовна

БАКИРОВА Ойбарчин Аббосовна (1950.27.6, Андижон) — Ўзбекистон Республикаси халқ артисти (2000). Аббос Бакиров ва Қамара Бурнашеваларнинг қизи. Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1971). 1971— 72 й. лар Каттақўрғон драма театрида ишлаган. 1973 й. дан «Ўзбекфильм» киностудиясининг актрисаси. Кинодаги энг яхши роллари: Сурайё («Орзулар оғушида…»), врач Валиева («Касалхона»), Сарвинисо («Водиллик келин»), Холида («Марҳумга ҳурмат»), Гулсара («Эртанги кунга ин-тилиш»), Шарофат («Амирнинг хуфиёна саёҳати»), Зайнаб хола («Алиф Лайло»), Бойхотин («Армон») ва б. Шунингдек, телефильмлар («Гулобод ва Феруз», «Йўл бўлсин», «Нозигим», ҳамда видеофильмлар («Аёл зоти», «Фазлий»)да ҳам роллар ижро этган. Бакирова ўз қаҳрамонларининг миллий характери, тақдирини, уларнинг маънавий гўзалликларини, руҳий улуғворлигини, қайғу-аламлари, севги ва вафосини, нозик ҳис-тўйғуларини томошабинга етказишда ўзига хос ижро услуби билан ажралиб туради.