БАКИРОВ

БАКИРОВ Аббос (1910.16.5 – Андижон — 1974.29.1) — актёр ва реж. Ўзбекистон халқ артисти (1939). Фаолиятини 1931 й. И. Охунбобоев номидаги Андижон вилоят мусиқали драма ва комедия театрида актёр сифатида бошлаган. Маҳкам полвон («Боғбон қиз»), Қосим деҳқон («Онтариш»), Муслимбой («Ҳалима») ва б. унинг илк образларидир. Рустам («Рустам»), Фердинанд («Макр ва муҳаббат»), Ғофир («Бой ила хизматчи»), Ромео («Ромео ва Жульетта») каби ролларида жўшқин қалбли, шижоаткор қахрамонлар тарзида намоён бўлган. Бакиров табиатан қатъиятли, ин-тилувчан киши бўлгани ҳолда образларга хам шу хислатларни сингдиришга ҳаракат қилган. Биринчи ўзбек овозли фильми — «Азамат»даги Азамат роли билан у кино фаолиятини бошлади. Энг яхши роллари: Амир Олимхон («Амирликнинг емирилиши»), Султон Маҳмуд («Абу Али ибн Сино»), Аббос («Улуғбек юлдузи»), Аъзамхон («Икки дил достони»), Юсуфбек ҳожи («Ўтган кунлар») ва б. Инсоннинг шахсий кечинмаси билан эътиқоди, дунёқарашини муштарак тарзда кўрсатишда, айниқса, Юсуфбек ҳожи роли Бакировни реалистик санъатнинг мохир устаси эканини кўрсатди. Бакиров ижобий ва салбий ролларни бир хил маҳорат билан ўйнаган. У саҳнада тана, қўл ҳаракатларидан, айниқса, юз, кўз ва оҳангдан усталик билан фойдаланган.

Реж. сифатида 40 дан ортиқ спектакль саҳналаштирди. Халқ тарихи, урфодатларини яхши билганлиги туфайли Бакиров миллий асарларни алоҳида муваффақият б-н саҳналаштирган: «Алишер Навоий», «Шоҳи сўзана», «Оғриқ тишлар», «Муқимий», «Холисхон», «Нурхон», «Нодира», «Лайли ва Мажнун» ва б. шулар жумласидан. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970).