БАЖАН

БАЖАН Микола (тахаллуси; асл исми Николай Платонович) (1903. 26. 9, Каменец-Подольский — 1983.5.6, Киев) — украин шоири ва жамоат арбоби. Украина ФА акад. (1951), Ўзбекистон халқ шоири (1968), Украинада хизмат кўрсатган фан арбоби (1966). Украина энциклопедияси бош муҳаррири (1958 — 83). «Ўн еттинчи соқчи» илк шеърий тўплами 1926 й. да босилган. «Сафланиш» (тўплам, 1929), «Гофман туни» (1929), «Сўқирлар» (1929 —32) каби тарихий асарларида яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги зиддият акс этган. 20-й. ларда футуризм ва конструктивизм таъсирида ижод қила бошлаган, лекин тез орада реалистик шеър ва достонлар ёзишга киришган. Бажаннинг «Англия таассуротлари» (1948), «Одамлар, китоблар, саналар» (1968), «Ўйлар ва хотиралар» (1983) каби асарлари халқлар дўстлиги, тинчлик учун кураш мавзуида. Бажан 1930, 1941 – 42 й. ларда Ўзбекистонда яшаган, таассуротлари «Ўзбекистон шеърлари» (1942) туркумига кирган шеърларда акс этган. Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонини украин тилига таржима қилган (1947). Асарлари ўзбек тилида нашр этилган.