БАГАМА ОРОЛЛАРИ

БАГАМА ОРОЛЛАРИ, Багама Ороллари Ҳамдўстлиги (Commowealth of the Bahamas) — Mapказий Америкадаги давлат. Кариб денгизида, Флорида я. о. нинг жан.шарқида. 700 оролдан иборат Багама архипелагида жойлашган. Майд. 13,9 минг км2. Аҳолиси 284 минг киши (1996). Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2га 16 киши. Уларнинг 80% негрлар ва дурагайлар. Аҳолининг 58% шаҳарларда яшайди. Мамлакат пойтахти — Нассау ш. Расмий тили — инглиз тили. Диндорларнинг аксарияти протестантлар.

Давлат тузуми. Багама ороллари — конституциявий монархия. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига киради. Давлат бошлиғи Англия қироли (қироличаси), унинг номидан генерал-губернатор иш юритади. Қонун чиқарувчи ҳокимият икки палатали (сенат ва мажлислар палатаси) парламент. Ижрочи ҳокимият генерал-губернатор томонидан тайинланадиган бош вазир бошчилигидаги ҳукумат.

Табиати. Багама архипелаги, асосан, маржон ороллардан иборат. Ер юзаси — текислик, аксарияти тоштуз, оҳактош ва гипслардан таркиб топган. Иқлими — тропик, пассат. Янв. да ўртача ҳарорат 20, 22°, июлда 28°. Йилига 1100—1700 мм гача ёғин ёғади. Майдан окт. гача ёғингарчилик кўп бўлади. Тез-тез довуллар бўлиб туради. Шўр кўллар кўп. Тупроғи латерит тоифасига оид. Доим кўм-кўк тиканли буталар, қарағай ўрмонлар, соҳилда кокос ёнғоғи ўсади. Қушлар кўп. Атрофдаги денгизлар балиққа бой. Оролларда оҳактош, туз ва аргоний қазиб олинади, нефть конлари қидирилмоқда.

Тарихи. Багама ороллари туб жой аҳолиси индейслар бўлган. 1492 й. X. Колумб экспедицияси Янги Дунёга етиб келиб, архипелагнинг шарқий оролларидан бирига тушган ва уни испанлар СанСальвадор деб атаганлар. Багама индейсларининг тақдири фожиали бўлган. Испанлар уларни Куба ва Эспаньолу (Гаити)га олиб бориб, руда конларида ишлатишган. Улар шу ерларда қирилиб кетишган. 1629 й. инглизлар оролларни босиб олганида бу ерда аҳоли йўқ эди. 1782 й. Багама яна испанлар томонидан босиб олинди. Аммо 1783 й. дан у бутунлай Англия мустамлакасига айланди. 17—18 – а. ларда кўпгина инглизлар ўзларининг негр қуллари б-н бирга бу ерга кўчиб келдилар ва плантация хўжалигини ривожлантира бошладилар. 19 – а. охирларидан Багамага АҚШ ишбилармонлари кела бошладилар, лекин сармояни сарфлайдиган иш топа олмадилар. 1946 й. дан сайёҳлар ёпирилиб кела бошлади, 50 – й. лар охирига келиб, уларнинг оқими айниқса кучайди. Багама ороллари АҚШ ва Европанинг қишки оромгоҳи бўлиб қолди. Бу ерда улкан меҳмонхоналар, кўнгилочар муассасалар қурилди. Солиқ соҳасидаги имтиёзларга қизиққан Америка компаниялари сайёҳликни ривожлантиришга катта маблағ сарфлади. Кейинчалик кўпгина хорижий банк ва фирмалар ўз офисларини очишди. Багама ороллари Ғарбий ярим шарнинг йирик молиявий маркази бўлиб қолди. 1964 й. да Буюк Британия Б. о. га ички мустақиллик беришга мажбур бўлди. 1973 й. да Багама ороллари мустақил деб эълон қилинди. Багама ороллари 1973 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами 10 июль — Мустақиллик куни.

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Илғор либерал партия, 1953 й. да тузилган; Эркин миллий ҳаракат, 1972 й. да тузилган; Б. о. Ҳамдўстлиги касаба уюшмалари конгресси.

Хўжалиги. Багама ороллари — аграр мамлакат. Иқтисодиётнинг асоси — плантация деҳқончилиги. Қ. х. озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжнинг атиги 25% ни қондиради. Апельсин, банан, ананас, манго, помидор, бодринг, шакарқамиш, сизаль етиштирилади. Қўй, қорамол, эчки, чўчқа, уй паррандаси боқилади. Балиқ, денгиз жониворлари овланади. Иқтисодий фаол аҳолининг ярмидан кўпроғи сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан банд. Катта Багама о. даги нефтни қайта ишлаш з-ди йилига 25 млн. тонна нефтни қайта ишлайди. Багама импортининг 85% ни хом нефть ташкил этса, экспортининг 90% нефть маҳсулотларидан иборат. Багама оролларида цемент ва озиқ-овқат саноати корхоналари бор. Асосий денгиз порти — Нассау ш. Мамлакат дори-дармон, цемент, ром, туз ҳам экспорт қилади; асбоб-ускуна, транспорт воситалари, озиқ-овқат маҳсулотларини четдан сотиб олади. АҚШ, Буюк Британия ва Канада б-н ташқи савдо муносабатлари олиб боради. Пул бирлиги — Багама доллари. Багама оролларида «Нассау гардиан» («Нассау посбони», 1844 й. дан), «Нассау дейли трибюн» («Нассау минбари», 1903 й. дан) газ. лари, «Офишл газетт» («Расмий газета») ҳукумат ҳафтаномаси, «Бехамиан ревью мэгэзин» («Багама шарҳи», 1952 й. дан) жур. чиқади. 1936 й. да радио ва телекўрсатувлар компанияси ташкил этилган.