БАДРИДДИН САМАРҚАНДИЙ

БАДРИДДИН САМАРҚАНДИЙ Муҳаммад ибн Баҳром Қалонисий (? — тахм. 1194) — машҳур тиб олими. Самарқандда туғилиб, шу ерда ижод этган. У Ибн Сино ва Абу Бакр яр-Розий каби буюк олимлар илмий асарларини мутолаа қилган. Ибн Аби Усайбиъанинг «Уюн аланбо фи табақот ал-атиббо» («Табиблар табақалари ҳақида маълумотлар булоғи») номли асарида Бадриддин Самарқандийнинг машҳур табиб эканлиги тилга олинади. Бадриддин Самарқандийнинг мураккаб дориларга бағишланган «Қарободин» («Мураккаб дорилар ҳақида китоб», яъни «Фармакопея») номли асари 49 бобдан иборат бўлиб, унда мураккаб дориларни тайёрлаш жараёни таърифланган. «Қарободин» Б. С. яшаган даврда ва ундан сўнг ҳам табиблар, айниқса, доришунослар учун дастуриламал вазифасини ўтаган. Асарнинг 16-а да кўчирилган бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланмоқда (инв. № 3925).