БАДР ЖАНГИ

БАДР ЖАНГИ — Муҳаммад (с. а. в.) раҳбарлигида мусулмонларнинг Бадр қудуғи яқинида (Мадинадан 150 км жан.-ғарбда) Макка қўшинлари билан қилган биринчи йирик жанги (624 й. март). Маккадан Фаластин ва Сурия ерларига олиб борадиган йирик карвон йўли Мадина яқинидан ўтар эди. Бу йўл Макка ҳокимлари ва савдогарлари учун катта иқтисодий аҳамиятга эга бўлган. Мусулмонлар бу йўлдаги Макка карвонларини босиб олишга, Макка зодагонлари эса карвонларни ҳимоя қилишга уринган. Бадр қудуғи ёнида мадиналиклар маккаликларнинг савдо карвонига ҳужум қилганлар. Манбаларда кўрсатилишича, жангда мусулмонлар томонидан 80 муҳожир, 230 ансор, маккаликлар томонидан Абу Жаҳл раҳбарлигида 850 киши қатнашган. Маккаликлар енгилган, катта талафот кўрган. Маккаликларнинг 50 дан ортиғи ҳалок бўлади, яна шунчаси асир олинади. Улар ўз йўлбошчиси Абу Жахддан ҳам жудо бўладилар. Мусулмонлардан фақат 14 киши ҳалок бўлади.

Кучлар нисбати кам бўлишига қарамай мусулмонлар қозонган ғалаба Муҳаммад (с. а. в.)нинг мавқеини ошириб, Мадина ва бутун Арабистон я. о. да фаол ҳаракат бошлаб юборишига асос солди. Жангда катта ўлжа, жумладан 30 от, 150 туя, кўп қурол, анжомлар қўлга киритилди. Муҳаммад (с. а. в.) бу ўлжаларни жанг иштирокчиларига тақсимлаган. Ислом анъанасида ўлжа тақсимлашда ўлжанинг бешдан бир қисми халифалар хазинасига тушиши, пиёда аскарга бир ҳисса, отлиқ аскарга икки ҳисса берилиши ана шундан бошланган. Кейинчалик бу шариатда қонунлаштирилган.