БАДОУНИЙ

БАДОУНИЙ Абдулқодир ибн Маликшоҳ (1541—1596) — Ҳиндистонда Акбар даври (1556 — 1605)да яшаган тарихчи олим ва сарой имоми. Б. Акбар ва бош вазир Абулфазл Алломий томонидан жорий қилинган «дини илоҳий» нинг мухолифларидан бўлган. Бадоуний сарой тарихчиси Низомуддин Аҳмаднинг «Табақоти Акбаршоҳий» асари асосида «Мунтахаб уттаворих» номли асар ёзган. Асар 3 қисмдан иборат: 1 – қисмида Акбар давригача бўлган, 2 – қисмида Акбар давридаги (то 1595 й. ларгача) тарихийсиёсий воқеалар баён қилинади, 3 – қисмида эса Ҳиндистонда яшаган уламо ва фузалолар, шоирлар ҳақида турли маълумотлар берилади, ҳар қайси давр сиёсатини талқин этишда танқидий мулоҳазалар юритилади.