БАДИИЙ ЎҚИШ

БАДИИЙ ЎҚИШ — эстрада санъатининг бир тури: адабий асар (шеърий наср, шунингдек публицистика) ёки драматик парчани омма олдида ижро этиб, тингловчиларга асар моҳиятини бадиийтаъсирчан қилиб етказиш. Ўтмишда Бадиий ўқиш халқ бахшилари, эртакчилари, қизиқчилари ижодининг асоси ҳисобланган. Юнонистон, Рим ва Францияда бадиҳагўйлик, декламация, ифодали ўқиш санъати кенг ривожланган. Россияда Бадиий ўқишнинг икки тури — ўз асарларини моҳирлик билан ижро этиш ва профессионал турлари бўлган. Оғзаки ифодали нутқ қадимдан ўзбек бахши, эртакчи ва достончилари, қиссахонлари санъатининг асосини ташкил қилган. Ўзбек Бадиий ўқиш санъати тарихида Қосимқул Дўстмурод, Ҳамробиби Умарали қизи, Ҳасан Худойберди ўғли, Ҳусанбой Расул ўғли каби ўзбек эртакчилари ва Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир, Ислом шоир каби халқ шоирларининг хизматлари катта. Ўзбек эртакчи ва достончилари, бахшилари асарнинг тилига, ифодаларининг ихчам, содда, тушунарли ва образли бўлишига эътибор бериш билан бирга ижро вақтида овознинг бир тондан иккинчи тонга ўтиши (модуляция)дан, нутқий таснифдан, тақдид услубидан, мимика ва қўл ҳаракатларидан ҳозиржавоблик, мусиқа ва хонандалик санъатидан усталик билан фойдаланадилар. Шунингдек, Алишер Навоий, Муқимий, Фурқат, Ҳамза, F. Ғулом каби ўзбек адиблари ҳам ўз асарларини моҳирлик б-н ижро этишган. Ўзбек Бадиий ўқиш санъатини ривожлантиришда А. Ҳидоятов, Ш. Бурҳонов, О. Хўжаев, Н. Раҳимов, Э. Комилов, М. Абдуқундузов каби ўзбек актёрларининг ҳам хизматлари бор. Бадиий сўз устаси, республикада хизмат кўрсатган артист Муҳсин Ҳамидов Б. ў. санъати соҳасида танилган профессионал ижрочидир. Бадиий ўқишнинг бир актёр театри, мелодекламация, ифодали ўқиш каби турлари мавжуд.