БАДИИЙ МУЗЕЙЛАР

БАДИИЙ МУЗЕЙЛАР — тасвирий ва амалий безак санъати ҳамда меъморий ёдгорликларни йиғиш, сақлаш, таъмирлаш, саралаш, кўргазмаларда намойиш этиш, ўрганиш, тарғиб этиш б-н шуғулланадиган, санъатшунослик йуналишидаги илмий маърифий ва тадқиқотлар олиб бориладиган муассасалар. Музейлар тўпламлари мунтазам янги санъат асарлари ҳисобига бойиб туради, улар кўргазма залларига, тўпламни асраш учун қўшимча хоналарга, таъмирлаш устахонаси, қироатхонали кутубхона, фототека, фотолаборатория ва ш. к. га эга. Қадимда санъат асарлари ибодатхоналарда, жамоат биноларида, ҳукмдорларнинг саройларида, рассом ва ҳайкалтарошларга, безак санъати усталарига ҳомийлик қилган бадавлат кишиларнинг хонадонларида йиғиб сақланган. Санъат асарларини изчил тарзда тўплаш Уйғониш давридан бошланди, махсус бинолар ажратилди, бу бинолар музей деб атала бошланди. Дастлабки Бадиий музейлар орасида энг муҳими антик санъат асарлари, итальян рассомларининг картиналаридан иборат бўлган Медичилар тўпламидир (15 – а., Флоренция). Ғарбий Европа мамлакатларида санъат асарлари сақланадиган галереялар ташкил топди (Мадридда Прадо, Парижда Лувр ва б.), айрим хусусий тўпламларда асарлар миллий мактабларга ажратилди. Лондонда биринчи давлат музейи — Британия музейи ташкил қилинди, давлат ихтиёридаги Бадиий музейлар кишиларни санъат асарлари таъсирида тарбиялайдиган муассасаларга айланди. 19 – а. мобайнида ихтисослаштирилган музейлар (бадиий ҳунармандлик, амалий санъат асарлари музейлари — Лондонда Саут-Кенсингтон музейи, ҳоз. Виктория ва Альберт музейи, 1852; Парижда Безак санъати музейи, 1863 ва б.), 20 – а. дан замонавий санъатга бағишланган музейлар вужудга келди. Шарқ мамлакатларида ҳам Бадиий музейлар кўпайди (Токио Миллий музейи, 1871; Пекинда Гуген музей, 1914; Деҳлида Ҳиндистон Миллий музейи, 1948 ва б.).

Ўзбекистонда Бадиий музейлар ташкил этиш 19-а. нинг 70 – й. ларида бошланди. Ўзбекистон давлат санъат музейи 1918 й. князь Романов тўплами асосида ташкил топди, кейинчалик янги тўплам ва асарлар билан бойиб борди, шунингдек ҳоз. Ўзбекистонда яшаб ижод этган ва этаётган санъаткорларнинг асарлари ҳисобига бойиб бормоқда. Ўзбекистон амалий санъат музейи, А. Икромов номидаги Ўзбекистон халқлари маданияти ва санъати тарихи музейи ва б. Б. м. фаолият кўрсатмоқда. Бадиий музейлар фаолиятида музейларда сақланаётган санъат асарлари тўпламини ўрганишга ва тартибга солишга, уларнинг тўлиқ кўрсаткичларини тузиш ва нашр қилишга, маълум саналарга бағишланган тадбир (сессия, кўргазма)лар уюштиришга, аҳолини эстетик тарбиялашда экскурсия, маъруза, суҳбатлар, бадиий студиялар ишини йўлга қўйишга алоҳида аҳамият берилади.