БАДИИЙ КЎРГАЗМАЛАР

БАДИИЙ КЎРГАЗМАЛАР — санъат асарларини оммавий намойиш этиш шакли. Кўргазма махсус қурилган ёки мослаштирилган бинолар (мас, музей, маданият саройлари залларида, театр, кинотеатр, жамоат бинолари фойеларида ва ш. к. жойлар)да уюштирилади. Томошабинни асарлар (ҳоз. давр санъати, бадиий мерос) билан таништиришнинг асосий шаклларидан, баъзан санъат асарлари савдосини уюштириш мақсадида ҳам ташкил этилади. Бадиий кўргазмаларнинг халқаро, миллий, минтақавий турлари фарқланади; Кўчма ва турғун, доимий ёки даврий, бир кишининг ижодидан ёки маълум гуруҳ, мактаб, йўналиш, давр, мамлакат санъати намуналаридан иборат бўлиши мумкин. Кўргазмага қўйилаётган асарлар аввалдан тайинланган кишилар ёки ҳайъат аъзолари томонидан (жанр, санъат тури, мавзуи ва б. га қараб) танлаб олинади. Бадиий кўргазмалар қўмитаси санъат асарларини жамлаш, уларни жойлаштириш, кўрсаткичлар тузиш ва нашр эттириш, экскурсиялар, маърузалар ва б. ни уюштириш каби вазифаларни амалга оширади.

Бадиий асарлар дастлаб Юнонистонда (мил. ав. 6 – а. дан), Италияда (15—16-а. лар), Голландия, Фландрия (17 – а.) ва б. да томошабинларга кўрсатила бошланган. Ҳоз. мазмундаги Бадиий кўргазмалар Францияда пайдо бўлган: махсус бинолар қурилган, рассомлар Лувр (1699)да ўз асарларини намойиш этганлар, шу тарзда Парижда кўргазмалар ташкил қилиш бошланган. Бадиий академиялар томонидан кўргазмалар ташкил қилиш йўлга қўйилди. 19 – а. га келиб Бадиий кўргазмалар уюштириш ишлари такомиллашди (кўрсаткичлар тузилди, улар кўп нусхада нашр этилди, муаллифлар ҳақида қисқа маълумотлар берилди). 19 – а. бошларида Париж, Лондонда халқаро кўргазмалар уюштирилган; 19 – а. 2 – ярмида расмий Бадиий кўргазмалар б-н бир қаторда норасмий кўргазмалар (мас, Париждаги «Хўрланганлар салони», 1863) ҳам ташкил этилиб, уларда салон — академизм санъатига реалистик санъат, янги бадиий ифода воситаларини излаш қарамақарши қўйилган.

Ўзбекистонда дастлабки кўргазмалар 19-а. охири — 20-а. бошларида ташкил этила бошланди. Жумладан, 1911 й. «Л. Л. Бурэ карикатуралари» кўргазмаси ташкил этилган. 1928 й. да Ўзбекистонлик рассомларнинг кўргазмаси уюштирилди, унга кўрсаткич тузилди ва нашр этилди. 1930 – й. лардан бошлаб республика, шаҳар кўргазмаларини ташкил этиш анъанага айланди. Ўзбекистон рассомлари халқаро кўргазмаларда иштирок эта бошлади (Париж, 1937, Нью-Йорк, 1939). Муҳим саналар (Мустақиллик куни, Наврўз айёми ва б.), юбилейларни нишонлашга бағишланган Бадиий кўргазмалар ташкил этиш анъанага айланди.