БАДИИЙ КЎРГАЗМАЛАР ДИРЕКЦИЯСИ

БАДИИЙ КЎРГАЗМАЛАР ДИРЕКЦИЯСИ, Бадиий кўргазмалар ва панорамалар дирекцияси — музей мақомига эга бўлган мустақил ижодий и. ч. муассасаси; Ўзбекистон Бадиий Академияси қарамоғида (1997 й. дан; бунгача Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги тасарруфида бўлган). 1959 й. да Тошкентда ташкил этилган. Бадиий кўргазмалар дирекцияси ўзбек санъатини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, Ўзбекистон ҳудудида ва ундан ташқарида ўзбек ва жаҳон санъати кўргазмалари ташкил этиш, Республика БА бадиий қадриятлар жамғармаси, музейлар хазинаси ва шахсий тўпламларни тўлдириш б-н боғлиқ бўлган ишларни амалга оширади, тасвирий санъат асарларига буюртмалар бериш ва сотиб олиш, уларни сақлаш билан шуғулланади. Музей фаолияти томошабин дунёқарашини кенгайтиришга қаратилган. Музей тузилганидан бери ЎзР нинг турли чекка туманларида, собиқ Иттифоқ, МДҲ ва чет мамлакатлардаги музей ва суратлар галереяларида 4 мингдан зиёд кўргазмалар уюштирди. Музейнинг 13 мингдан ортиқ (1997) бадиий қадриятларга эга бўлган хазинаси, бадиий салони, хўжалик хизматига эга бўлган кўргазма зали бор.

Музей ўрта асрлар Ўрта Осиё меъморлиги анъаналарида 1934 й. да қурилган бинода жойлашган (меъмори А. И. Петелин, К. В. Бабиевский). Бинонинг пештоқи ёйсимон бўлиб, рангдор кошинлар билан безатилган (Ўзбекистон халқ рассоми М. Раҳимов чизмаси асосида); ёғоч ўймакорлигининг ажойиб намунаси бўлган эшикни уста М. Қосимов бошчилигидаги бир гуруҳ халқ усталари яратган. Бино интерьерида ёйсимон равоқли деразалар кўп, бир-бирига туташ (анфиладали) 4 та ҳашаматли хоналари узаро ёйсимон равоқлар билан боғланган.