БАДИИЙ ГИМНАСТИКА — спорт тури, буюм ( тасма, копток, ҳалқа, арғамчи) б-н ва усиз турли нафис гимнастика ва рақс машқларини мусиқа остида бажариш бўйича аёллар мусобақалари. Халқаро спорт мусобақаларининг ҳоз. замон дастурида кўп кураш (битта мажбурий ва буюмлар билан учта эркин машқлар) ҳамда буюм билан гуруҳ бўлиб эркин машқлар бажариш бор. Ғолиблар кўп курашда, алоҳида ва гуруҳ бўлиб бажариладиган машқларда аниқланади. Спортчиларнинг машқлари 10 балли тартиб бўйича баҳоланади. 40 – й. лардан Бадиий гимнастика мусобақалари ўтказила бошланди. 50-й. лар охирида Халқаро гимнастика федерацияси (ФИЖ) Б. г. ни спорт тури сифатида тан олди. 1963 й. дан тоқ йиллари жаҳон чемпионатлари ўтказилмоқда, 70 – й. лар бошидан Интервидение Кубоги учун йирик халқаро мусобақалар ташкил қилинмоқда. 1984 й. дан Олимпия ўйинлари дастурига киритилган.
Ўзбекистон Б. г. чилари терма жамоаси 1991 й. Симферополда ўтган иттифоқ чемпионатида 1-ўринни олди. 1996 й. Осиё чемпионати (Хитой)да, 1997 й. жаҳон чемпионати (Германия)да иштирок этди (терма жамоа бош устози А. Малкина, хореограф В. Васильев, жамоа аъзолари И. Замятина, Т. Бударина, Ф. Шарипова, Л. Мешчерякова).