БАДИИЙ БУЮМЛАР

БАДИИЙ БУЮМЛАР — чиройли шаклларда безатиб ишланган, турли мақсадларда фойдаланиладиган нафис буюм ва зеб-зийнатлар. Уй-рўзғор анжомлари, кийим-кечак, меҳнат қуроллари, бадиий газлама, гилам, палос, сўзана, қурол-аслаҳа, мебель каби моддий маданият асарлари, тасвирий санъат, амалий санъат, безак санъати маҳсулотларини ўз ичига олади. Баъзи мамлакатлар ўз Бадиий Буюмлари билан машҳур (хитой чинниси, эрон гилами, ҳинд фил суяги маҳсулотлари, чех шишаси, ўзбек атласи ва б.). Жамият тараққиёти Бадиий Буюмлар тайёрлаш усули (ҳайкалтарошлик, кулоллик, заргарлик, мискарлик, дегрезлик, наққошлик, ўймакорлик, кошинкорлик ва б.)ни ҳам такомиллаштирди, бадиий ҳунармандликнинг янги соҳалари (каштадўзлик, дўппидўзлик, зардўзлик, шишасозлик ва б.)ни юзага келтирди. Ўзбекистон ҳудудида Бадиий Буюмлар ишлаб чиқариш 20-а. нинг 20-й. ларидан кенг йўлга қўйила бошланди. 60-й. лардан мазмунан бойиди, турлари кўпайди; анъанавий Бадиий Буюмлар қардош халқлар яратаётган маҳсулотлар ҳисобига ҳам бойимоқда. Бадиий саноатнинг ривожланиши (Тошкент чинни заводи, Ташкент заргарлик заводи, Бухоро зардўзлик фабрикаси, Атлас бирлашмаси, Миконд з-ди ва б.) Б. Б. ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтирди ва ривожлантирмоқда.