БАДИИЙ АКАДЕМИЯЛАР

БАДИИЙ АКАДЕМИЯЛАР — нафис санъат масалалари билан шуғулланадиган илмий-ижодий марказлар (асосан давлат муассасалари), шунингдек олий (баъзан хусусий) бадиий ўқув юртлари Ўзбекистон ҳудудида қадимда нафис санъат ижодкорларини уюштирган турли марказлар бўлган. Темурийлардан Ҳусайн Бойқаро даврида (15-а.) Ҳиротда 40 дан ортиқ санъаткорларни уюштирган кутубхона кейинчалик мутахассислар томонидан «Нигорхонаи Бехзод» ёки «Бехзод академияси» деб аталган.

Европада бадиий академия дастлаб Италияда антик санъат, Уйғониш даври санъаткорларининг услубларини ўрганиш учун тўпланган рассомларнинг эркин уюшмаси тарзида майдонга келган (16 – а.). Биринчи Б. А. Парижда (Қироллик Бадиий Академиялар, 1648), кейинчалик Вена (1692), Берлин (1694), Лондон (1768) да ва б. Европа давлатлари саройлари қошида, Россияда 1757 й. ташкил этилган.

Ўзбекистонда замонавий шаклдаги Бадиий Академиялар 1997 й. Ўзбекистон Президента фармонига биноан ташкил этилди (қ. Ўзбекистон Бадиий Академияси).