БАДБЎЙЛАР, скунслар (Mephitinae) — сусарлар кенжа оиласига мансуб сут эмизувчилар. Анал безлари йиртқич ҳайвонларни чўчитадиган жуда бадбўй ҳидли суюқлик ишлаб чиқаради. 9—11 тури, 3 уруғи (чипор Бадбўйлар — SpUogale, чўчқабурун Бадбўйлар — Conepatus, йўл-йўл Бадбўйлар — Mephitis) маълум. Йўл-йўл Бадбўйлар танасининг уз. 28—38 см, мўйнаси қалин, юмшоқ, қорамтир-қўнғир рангда. Танасининг орқа томонида бошидан думигача кенг йўли борлиги туфайли узоқдан кўзга ташланади. Хавф туғилганда анал безидан кўзга таъсир қиладиган суюқпик сачратади. Ўрмон, чўл ва дашт минтақаларида ёзда якка-якка, қишда тўда бўлиб яшайди. Шим. ҳудудларида қишки уйқуга кетади. Одатда кечаси фаол ҳаёт кечиради. Ўсимликларнинг меваси, майда умуртқали ҳайвонлар ва ҳашаротлар билан озиқланади. Урғочилари уясида бир йилда бир марта 4—10 та бола туғади. Болалари бир йилдан сўнг вояга етади. Йўл-йўл Бадбўйлар қимматбаҳо мўйна берадиган ҳайвон, махсус фермаларда кўпайтирилади. Чипор Бадбўйлар 2 турни ўз ичига олади, оғирлиги 1 кг дан ошмайди. Жуни жуда юмшоқ, қора рангда, йирик оқ доғлари бўлади. Думидаги юнглари узун, тумшуғида калта. АҚШнинг жан. ва Марказий Америкада тарқалган. Чўчқабурун Бадбўйлар 6—7 турдан иборат. Жан. Америкада тарқалган. Танасининг уз. 30—49 см, думи 16 — 41 см, оғирлиги 2,3—4,5 кг. Жуни оқ ва қора. Оқбурун Бадбўйлар (С. leuconotus) танаси ва боши қора, орқа қисми, думи ва тумшуғининг учи оқ рангли.