БАДАЙТЎҚАЙ ДАВЛАТ ҚЎРИҚХОНАСИ

БАДАЙТЎҚАЙ ДАВЛАТ ҚЎРИҚХОНАСИ — Амударёнинг қуйи оқимида, Султон Увайс тоғлари этакларида, дарёнинг ўнг соҳилида жойлашган қўриқхона. 1971 й. да ташкил этилган. Майд. 6462 га, шундан 3975 га тўқай ўрмонлари билан қопланган (1997). Асосий вазифаси Амударё атрофи ўсимлик ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш, тўқайзорларни илмий ўрганиш ва б. Қўриқхонада 167 тур ўсимлик (туранғил, жийда, тол, қамиш, қизилмия, ковул ва б.), 138 тур қушлар (миққий, хива қирғовули, зангори кабутар, кокилдор тўрғай, лочин, шу жумладан ўткинчи қушлар), 20 турдан кўпроқ сут эмизувчилар — бўри, тулки, қуён, қобон, бўрсиқ ва б., сув ҳавзаларида баҳри балиқ, сохта лопатонос ва б. яшайди. Қўриқхонада Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 60 дан ортиқ турдаги ҳайвонлар, жумладан 1975 й. да Тожикистондаги Ромит қўриқхонасидан келтирилган хонгул (Бухоро буғуси) муваффақиятли кўпайтирилмоқда (2 бош урғочи ва 1 бош эркак хонгул 1996 й. да 90 бошга етди).

Қорақалпоғистон Республикасининг «Алоҳида қўриқланадиган ҳудудлар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ қўриқхонага 1993 й. 24 дек. да давлат қўриқхонаси мақоми берилган.