БАДАХШОН

БАДАХШОН — Амударёнинг юқори оқимида, дарёнинг ҳар-иккала соҳилида жойлашган тоғли ўлка. Б. Помир тоғларининг бир қисми бўлиб, 2 ўлкадан иборат: 1. Ғарбий Помирни ишғол қилган Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти (Тожикистон Республикаси); 2. Шим.-шарқий Афғонистонни ишғол қилган катта ўлка. Бадахшон қадимдан савдо маркази бўлиб, четга лаъл, ёқут ва зумрад чиқарган. Лаълни бадахш ёки балахш деб юритганлар. Бадахшон топоними шундан олинган бўлиши эҳтимол. Мил. ав. 2 – а. да Б. Тохаристонга, сўнг Кушон подшолигига тобе бўлган. 5—6 – а. ларда эфталитлар, 8 – а. да араблар, 12 – а. нинг 2-ярмида ғурийлар, 13-а. нинг 1-чорагидан мўғуллар қўл остида бўлган. Бадахшонда 15—16 – а. ларда темурийлар ҳукмронлик қилган. 1520 й. Бобур Б. ни ўғли Ҳумоюнга топширди. 1584 й. Б. ни Абдуллахон II эгаллаган. 17-а. да аштархонийлар, кейинроқ Даҳбед (Самарқанд) саййидларидан Мир Ёрбек (1656 — 1706) асос солган сулола ҳукмронлик қилди. Мир Ёрбек Бадахшоннинг пойтахти Файзобод (Жузғун) ш. га асос солган. Бадахшонда 18—19а. ларда ҳукмронлик Қундуз бекларига ўтган. 1872 й. да тузилган рус-инглиз аҳдномасига мувофиқ Бухоро хонлиги б-н Афғонистоннинг Бадахшон даги чегараси Панж дарёси деб ҳисобланди. 1873 й. Афғонистон хони Дўстмуҳаммадхон Б. ни ўз давлатига қўшиб олган (яна қ. Афғонистон).