БАДАВИЙ

БАДАВИЙ (араб. — саҳройи, кўчманчи) — Арабистон я. о. ва Шим. Африка чўлларида яшайдиган кўчманчи, ярим кўчманчи араб қабилалари. Бадавийлар Судан ва Шим. Африка, Марказий Арабистон, Сурия, Иордания, Ироқ, Миср ва б. жойларда яшайдилар. Араб тарихчилари (8-а.) тузган шажарага кўра, Бадавий қабилалари иккита асосий гуруҳга бўлинган: Жан. Арабистон, яъни Яман қабилалари (бану Тайй, бану Хамдон, бану Мазҳиж, бану Омил, бану Жузам, бану Лахм, бану Хассан, бану Кинд, бану Азд, бану Хазраж, бану Химяр ва б. қабилалар) ва Шим. Арабистон қабилалари (бану Қайс, бану Сулайм, бану Ғатафон, бану Ҳилол, бану Қушайр, бану Мурра, бану Тамим, бану Асад, бану Абдулқайс, бану Бакр, бану Тағлиб ва б. қабилалар). Бадавий ларда бир неча оила (бешинчи авлодгача) бирикиб аҳлни (байт, фаха, хомула), кўп сонли оила уруғни (батн, фирқа, ошира), уруғлар эса қабилаларни ташкил этади. Ривожланиб келаётган янги ижтимоий муносабатлар Бадавий ҳаётига ҳам таъсир қилиб бормоқда, бу қабилалар тобора ўтроқлашмоқда. Бадавийлар ўртасида уруғқабилачилик муносабатлари ҳоз. ҳам бир қадар сақланиб қолган. Бадавийлар асосан чорвачилик (туячилик, айниқса, йилқичилик ва қўйчилик), овчилик ва киракашлик билан шуғулланади. Йўловчи савдогарлардан олинадиган бож ҳам Бадавий ларнинг тирикчилик манбаларидан бири ҳисобланади (қ. Араблар).