БАДАННИ АРТИШ

БАДАННИ АРТИШ — саломатликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган чоратадбир; даво-профилактика муолажаси; бунда сувга ҳўлланган дағал сочиқ билан бутун гавда ёки унинг айрим қисмлари (қўл, оёқ ва б.) ни тез ва куч билан артиб, кейин тери қизаргунча қуруқ сочиқ билан ишқаланади. Кунига Баданни артиш, бунда сув ҳароратини 30 — 32° дан 18—20° гача пасайтириб бориш яхши наф беради. Баданни артиш кишини тетиклантиради ва организмнинг ташқи таъсиротларга чидамини оширади. Бу муолажада теридаги қон томирлари торайиб, организм кам иссиқлик йўқотади ва гавдада кўп иссиқлик йиғилади. Теридаги қон томирлар торайганда периферик аъзоларга қон оқиб келишига тўсқинлик ошади; юрак қисқариши тезлашади ва қон босими бир оз кўтарилади. Терига совуқ текканда нерв системаси қўзғалади, бунда совуқ таъсир қила берса, теридаги торайган қон томирлари кенгайиб, деворидаги мускуллар тонуси ошади, қон тез оқиб келади. Тери қон томирлари кенгайганда қон босими бир оз пасаяди ва пульс секинлашади. Бадан олдин ҳўл, кейин қуруқ сочиқ билан артилса, тери қон томирлари бир оз вақт торайиб, совуқ сезилади, тери оқаради ва муздек туюлади. Томир кенгайиши билан тери қизаради ва қўлга иссиқ сезилади, киши ўзини тетик, бардам, бақувват сезади. Организмни чиниқтириш, чарчоқни ёзиш, неврастения ва б. касалликларни даволашда Баданни артиш муолажаси қўлланилади.