АЙЕ-АЙЕ

АЙЕ-АЙЕ, Мадагаскар қўлоёғи (Daubentonia madagascariensis) — қўлоёқлилар оиласининг ягона тури, лемурлар, яъни чала маймунлар кенжа туркумига мансуб. Кўриниши маймунларга ўхшамайди, 1860 й. да лемурларга яқинлиги аниқланган. Танасининг уз. 40 см, бароқдуми 60 см. Жуни қаттиқ, қорамтир кулранг ёки қора. Боши ва қулоқлари катта, оёқлари бир хил узунликда. Бош бармоғи бошқа бармоқларига қарши қўйилмаган. Фақат кейинги оёқларидаги бош бармоқлар тирноғи ясси. Мадагаскарнинг шим.-шарқидаги бамбук ўрмонлари чакалакзорларида якка ёки жуфт бўлиб яшайди. А.-а. — тунги ҳайвон, кундузи баланд дарахтларнинг учидаги шохлар орасида қуруқ новда ва барглардан ясаган уясида ухлайди. Ҳашаротлар, қушларнинг тухуми, бамбукнинг ёш новдалари, шакар қамиш ва манго меваси билан озиқланади. Табиий яшаш муҳити бузилиши туфайли А.-а. нинг йўқолиб кетиш хавфи туғилган. Ҳозир А.-а. учун Куси-Мангабе оролида қўриқхона ташкил этилган. А.-а. Табиатни муҳофаза қилиш халқаро ташкилотнинг Қизил китобига киритилган.