АЙДАР КЎЛИ (Ҳайдар кўли) — Нурота тизма тоғларининг шим. этагидаги кўл. Шим. қирғоқлари Шарқий Қизилқумга туташади. Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудида. Айдар кўли ўрни Шим. Нурота ёни тектоник букилмасидан иборат. 1969 й. гача Айдар шўрхоги (ботиғи)да майда шўр кўллар ва шўрлар (Жалпоқшўр) кенг тарқалган эди. 1968—69 й. ларда ёғингарчиликнинг ҳаддан ташқари кўп бўлиши туфайли Сирдарё оқимининг бир қисми (қарийб 21 км3) Чордара сув омбори ва Арнасой орқали Айдар ботиғига оқизилди, чунки Орол денгизига оқизиш учун шунча сув Сирдарё ўзанига сиғмас эди. Айдар кўли шу тариқа ташкил топди. Айдар кўлининг тоғ этагидаги жан. қирғоқлари анча текис ва сув ости ён бағирлари нисбатан тикроқ, шим. қирғоқлари нотекис ва қия, орол ва ярим ороллар мавжуд. Айдар кўлининг шим. қисми анча саёз, ўртача чуқ. 10—12 м, чуқур жойлари 26—30 м, айрим жойларда чуқ. 40 м гача. Айдар кўли тор йўлаклар орқали Тузкон ва Арнасой кўллари билан туташган. Айдар кўли Жиззах вилоятидаги Оқбулоқ, Сангзор дарёсининг Қийли ташламаси, Чордара сув омбори ва Арнасойга қуйилаётган Марказий Мирзачўл ташламаси оқими ҳисобига тўйинади. 1994—95 й. ларда қиш ва баҳорда Чордара сув омборидан катта ҳажмда сув келиши натижасида Арнасой, Тузкон ва Айдар кўлларининг сув майд. 184 минг га дан 320 минг гектарга етди. Уз. 159 км, эни 26 км. Сувининг минераллашув даражаси 1 л да қарийб 12—15 г ва ундан ортиқ. Айдар кўлининг қирғоққа яқин саёз жойлари ва ороллари атрофи қамиш ва б. сув ўсимликлари билан банд. А. к. да зоғора балиқ, лаққа балиқ, судак, товон балиқ, лешч ва б. балиқ турлари мавжуд. Балиқ овланади (йилига ўртача 3 минг т дан зиёд). Қоравой, сақоқуш, чайка, ёввойи ўрдак ва б. сувда сузувчи қушлар яшайди.