АЗФАРИЙ (тахаллуси; асл исми Мирза Алибахт) (1760, Деҳли — 1819, Мадрас) — шоир, олим, таржимон. Бобурийлар сулоласидан. Мусиқа, ҳарб ва табобат илмини мукаммал ўрганган, туркий, урду, форсий ва араб тилларида ижод қилган. 3 девони, «Воқиоти Азфарий» ва б. тарихий-биографик асарлари; «Фарҳанги Азфар,:й» («Азфарий луғати»), «Мезони туркий», «Насаби туркийи чиғатойи», «Насаби туркий» каби 15 дан ортиқ китоблари бор.
Уларда бобо тил (туркий тил) ва унинг грамматикасини ўрганишга даъват этган, унинг луғавий бойлигини намойиш қилган. Навоийнинг «Маҳбуб улқулуб» ва Бобўрнинг «Аруз рисоласи»ни «Аруззода» номи билан форс тилига назм ва насрда таржима қилган. «Аруззода»нинг 1836 й. да котиб Маҳмудали Сайд кўчирган қўлёзмаси Мадрас давлат шарқ қўлёзмалари кутубхонасида сақланади.