АЗОТЛАШ

АЗОТЛАШ — кимёвий-иссиқлик ишлови бериш усулларидан бири. Азотлаш пўлат, титан, баъзи қотишмалардан тайёрланган деталларнинг сиртқи қатламини азотга тўйинтиришдан иборат. Деталнинг азотга тўйинтирилган сиртқи қатлами жуда қаттиқ, ейилишга ва занглашга чидамли бўлиб қолади. Юқори т-ралар таъсирида бўладиган ва ишқаланувчи деталлар, двигатель клапанлари, тишли ғилдираклар ва б. деталларнинг иш сирти азотланади. Деталларга узил-кесил иссиқлик ишлови берилиб ва силлиқланиб, зарур ўлчамга келтирилганидан кейингина Азотлаш амалга оширилади. Пўлат деталларнинг сиртқи қатлами аммиак оқимида 500—600° т-рада азотланади. Бунинг учун деталь оғзи зич беркитиладиган муфель печта жойланади. Муфелга аммиак (NH3) юборилади, аммиак азот билан водородга парчаланади. Азот атомлари деталнинг сиртқи қатламига диффузияланади. Азот темир билан реакцияга киришиб, қаттиқ нитридлар ҳосил қилади, натижада деталнинг азотланган сиртқи қатлами қаттиқ бўлиб қолади. Титан қотишмаларни Азотлаш 850—950° т-рада ўта тоза азот муҳитида амалга оширилади. Ад.:Тўрахонов Азотлаш С, Металлшунослик ва термик ишлаш, Т., 1968.