АЗОВ ФЛОТИ

АЗОВ ФЛОТИ — Россияда 1695 й. нинг охирларида Қрим хонлиги ва Туркиянинг Қора денгиз бўйларидаги ерларини босиб олиш учун ташкил қилинган. Флот куришда асосий марказ қилиб Воронеж ш. танланди. Ҳарбий кемаларнинг биринчи юриши 1696 й. нинг 3 майида Воронеждан бошланди. Азов ш. ни ишғол қилишда Азов флоти ҳал қилувчи роль ўйнади. Таганрог А. ф. базаси бўлиб қолди. Адмиралтейство Азов соҳилидаги Тавровга кўчирилди. 1696 — 1711 й. ларда 215 кема қурилди. Прут юриши (1711)дан кейин турклар Азовни яна қайтариб олдилар. Азов флоти тор-мор қилинди.