АЗЛАРОВ Турсун Абдураҳимович

АЗЛАРОВ Турсун Абдураҳимович (1938, Тошкент) — математик олим, Ўзбекистон ФА акад. (2000), проф. (1974), физика-мат, фанлари д-ри (1973). ТошДУ ни тугатган (1960). ТошДУ да ҳамда Ўзбекистон ФА В. И. Романовский номидаги математика ин-тида ишлаган (1960 й. дан), Ўзбекистон Рес-публикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссияси раиси ўринбосари (1992—95).

Илмий ишлари лимит теоремаларга, оммавий хизмат кўрсатишнинг математик назариясига ва узлуксиз функцияларни чизиқли мусбат операторлар ёрдамида яқинлаштириш муаммоларига бағишланган. Азларов локал теоремаларда бир текис баҳолаш масаласи; ғалвирсимон тақсимотларнинг айрим синфлари учун теоремалар; текис тақсимланган ва бутун сон қийматли тасодифий миқдор ҳамда векторларнинг айрим синфлари учун локал лимит теоремаларнинг интеграл теоремаларга эквивалентлиги масалалари билан шуғулланди. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1973).