АЗИМОВ Содиқ Азимович

АЗИМОВ Содиқ Азимович (1914.7.11 — Тошкент — 1988.21.12) — физик олим, Ўзбекистон ФА акад. (1962), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1964), физика-мат, фанлари д-ри (1955), проф. (1958). Ўрта Осиё давлат ун-тини тугатган (1940). Ўрта Осиё политехника ин-тида ишлаган (1940—45), Ўзбекистон ФА Физика-техника ин-ти лаб. Мудири (1948—56), директор ўринбосари (1956-58), директори (1958-62; 1966-88), Ўзбекистон ФА Ядро физикаси ин-ти директори (1962—66), «Физика — Қуёш» ИИЧБ бош директори (1986-88). Ўзбекистон ядро физикаси, юқори энергиялар физикаси, яримўтказгичлар физикаси ва юқори т-рали гелиоматериалшуносликка асос солган ва бу соҳаларни ривожлантирган олимлардан бири. Азимов ўзи ишлаб чиққан усул ёрдамида космик нурлар таркибида мезонларга дахлсиз электрон ва фотонлар мавжудлигини исботлади (1948). Помир тоғи тепасидаги ст-яда (денгиз сатҳидан 3900 м бал.) А. уз ходимлари билан биргаликда космик нурлар ва ядроларнинг ўзаро таъсирини ўрганиш борасида олиб борган илмий изланишлар электронядро оқимларини кашф этиш имконини берди. Азимов электрон-ядро жалаларини ва ядро заррачалари сингишни тадқиқ этган. У ўта юқори энергияли 1012 — 1013 эв) ядро жараёнлари ўрганиладиган тоғ ст-яси қурилишини ташкил этди. Азимов раҳбарлигида Ўзбекистон ФА физикатехника ин-тида қуёш нури энергиясидан фойдаланиш усули асосида ўта соф яримўтказгич материаллар олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилди ҳамда 1987 й. да Паркент туманида 1 мегаватт қувватга эга концентратори бор ноёб қуёш печи барпо этилди. Азимов ядро физикаси, юқори энергиялар физикаси ва юқори т-рали гелиоматериалшунослик илмий мактабларига асос солди. У 14 фан д-ри ва 70 дан зиёд фан номзодини тарбиялаб, етиштирди. Улар ҳозир ҳам «ФизикаҚуёш» ИИЧБ да, Ўзбекистон ФА Ядро физикаси ин-тида ва Ўзбекистон миллий ун-тида халқаро даражадаги илмий ва амалий тадқиқотларни фаол давом эттирмоқдалар. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970). «Физика-Қуёш» ИИЧБ га ва Тошкент ш. нинг Мирзо Улуғбек туманидаги кўча ва мактабга унинг номи берилган.

Ад.: Бекжонов Р. Б., Ўзбекистон ядро физикаси тарихи, Т., 1994; Худойбердиев Р., Ҳаким Саъдулла, Атом қаърига саёҳат, Т., 1996.