АЖРИҚ

АЖРИҚ (Cynodon dactylon (L.) Pers.) — бошоқдошларга мансуб кўп йиллик илдизпояли бегона ўт. Барглари лентасимон, дағал, четлари ўткир-ғидириш. 3—8 бошоқсимон шохчалардан иборат тўпгули поя учида жойлашган. Меваси — донча. Июндан то кеч кузгача гуллаб мева тугади. Асосан илдизпояси, қисман уруғи ёрдамида (уруғи кўпинча чанг қоракуя касаллиги билан зарарланади) кўпаяди. Ер ости илдизпоялари горизонтал ёки қийшиқ жойлашган новдалар ҳосил қилади. Бу новда бўғимларидан ер устига ўсимталар ўсиб чиқади. Шунингдек, ер устига чиққан новда бўғимларида иддиз ривожланади ва барг қўлтиғидан гул берувчи поя ўсади. Ўзбекистонда Ажриқ ҳамма ерда тарқалган. Жуда кўп экинзорлар орасида ўсиб, тупроқдаги озиқ моддаларни кучли сўради ва ерни ориқлатади. Кураш чоралари: ҳосили йиғиб олинган ерни ҳайдаш, махсус тароқлагич ёки тишли борона ёрдамида илдизпояларни йиғиб олиш; далаларга далапон (40—50 кг/га) сепиш. Препарат пуркалгандан сўнг дала бороналанади.