АЖИБОЙ ҚЎЛТИҒИ

АЖИБОЙ ҚЎЛТИҒИ — Орол денгизининг жан.-ғарбидаги қўлтиқ. Майд. 1000 км2, уз. 41 км, эни 30 км, энг чуқур жойи 9,2 м бўлган. Орол денгизи сатҳининг 8 м га пасайиши туфайли 1981 й. қўлтиқ куриди. Ажибой қўлтиғи туби қирғоққа яқин (10—15 км масофагача) яланг эол қум шакллари (бархан, дўнг ва ҳ. к.), ундан шим. эса қолдиқ, тақир ва фаол шўрхоклар билан банд. Қумликларда қора саксовул, черкез, қандим, шўра, шўрхокларда сарисазан, юлғун, қорабароқ ўсади. Судочье кўлидан бошланган ер ости сувларининг оқими мавжудлигидан грунт сувлари сатҳи ер юзасига яқин жойлашганлиги учун Ажибой қўлтиғида галофит ўсимликлари кенг тарқалган.