АЖАНТА

АЖАНТА — Ҳиндистоннинг ғарбидаги шаҳарча номи билан юритилувчи меъморий мажмуа. Аврангободдан шим.шарқ,да, Маҳораштра штатида. А. Вагхора дарёси ёқасидаги тош қояларга ясалган 29 Будда ибодатхоналаридан иборат (мил. ав. 2-а. — мил. 7-а.). Жами 29 та ғор ичига зал ишланган. Ажанта мажмуаси қад. халқ меъморлиги услубида яратилган. Ажантанинг кейинги қурилган қисмлари ҳайкаллар ва деворий расмлар билан безатилган. Уларда тантанали шодиёналар ва халқ санъати акс эттирилган. Санъаткорлар ҳайкалтарошлик ва рассомлик асарларига халқ бадиий ижодига хос реалистик руҳ ва гўзаллик бера олганлар.

Ад.: Тюляев С. И., Архитектура Индии, М., 1939.