АЖАЛ ИЛОН

АЖАЛ ИЛОН (Acanthophis antarcticus) — аспидлар оиласига мансуб илонларнинг бир тури, йўғон ва калта гавдасининг кўриниши қора илонларга ўхшаб кетади. Уз. 75 см гача, кенг ва япалоқ учбурчак шаклдаги боши сиқиқ бўйни орқали танасидан аниқ ажралиб туради. Кўзусти қалқони ён томонга туртиб чиққан, танаси устидаги тангачаларида қовурғачалар бўлади. Бақа ва майда қушлар билан озиқланади. Австралия, Янги Гвинея, Малакка ва уларга қўшни оролларда тарқалган. Ажал илон кўпинча сўқмоқ йўлларда ва қуёш тушадиган бошқа очиқ жойларда кулча бўлиб исиниб ётади. Хавф туғилганида бошқа илонларга ўхшаб қочишга ёки яқинлашаётган душманини қўрқитишга ҳаракат қилмайди. Ҳимоя рангига эга бўлганидан пиёда йўловчи уни сезмасдан жуда яқин келиб қолганида чақади. Ажал илон заҳари бошқа аспид илонлар заҳарига нисбатан кучсиз бўлсада, у чаққан одамларнинг аксарияти ўлади. Шу сабабдан бу илон А. и. деб аталади.