АЖАБСАНДА

АЖАБСАНДА — буғда пишириладиган қуюқ таом. Пишириш усули: катта ва кичик 2 та идиш олинади. Кичик идишга масаллиқ (тўртбурчак қилиб тўғралган картошка, тўғралган сабзи, помидор, пиёз, саримсоқ, лўнда-лўнда тўғралган гўшт-ёғ) қават-қават қилиб тахланади (қаватларнинг ҳар бирига лойиқ туз, мурч, зира ва кертилган ошкўклар солинади). Кейин масаллиқ идиши билан катта идишдаги сувга қўйилади. Кичик идиш очиқ қолиб, катта идиш қопқоғи жипс ёпилади, 1,5—2 соат қайнатилади. Ажабсанда хушхўр, буғда пишгани учун яхши ҳазм бўлади, масаллиқлар таркибидаги витаминлар, минерал моддалар, ҳар хил кислота ва б. фойдали моддалар сақланиб қолади.

Ад.: Маҳмудов К., Ўзбек тансиқ таомлари, Т., 1989.