АЁЛЛАР ҚИЗИҚЧИЛИГИ (ТЕАТРИ) — ўзбек хотин-қизлари орасида тарқалган халқ оғзаки санъатининг бир тури. 18 — 19-а. ларда хотин-қизлар орасида кенг тарқалган. Mac, 19-а. да Қўқонда Иқлим додҳо деган санъаткор раҳбарлигида аёл қизиқчилар тўдаси бўлган. Уларнинг репертуари турли хил қизиқчилик, кулгили ҳикоялар, ҳажвий қўшиқлар, рақс ва яллалардан ташкил топган. Кейинги даврда ҳам Аёллар қизиқчилиги (т.) ва унинг анъаналари давом этиб келди. Аёллар қизиқчилиги (т.) қурилиши, мазмуни, бадиий воситалари билан эркак масхарабоз ва қизиқчилар томошаларига яқин туради. Фарқи шундаки, Аёллар қизиқчилиги қ (т.)да ижодкор ҳам, ижрочи ҳам, томошабин ҳам аёллар. Эркаклар ролини ҳам аёллар ўйнаган. Аёллардан кўплаб таниқли масхарабоз ва қизиқчилар чиққан: ғўслик (Самарқанд вилояти, Ургут тумани) Қурсия Рустамова, Рўзи Шойимова; чопиқлик (Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани) Хонгул Олимова, Басгул Қудратова; қибрайлик (Тошкент вилояти, Қибрай тумани) Саломат Муталова, Адолат Турсунова; жалақудуқлик (Андижон вилояти) Сожида Ниёзматова, Соттихон Ашурова, Адолат Ботирова ва б. Улар кўрсатган айрим томошаларда ижтимоий масалалар ҳам кўтарилган. Бош мавзу эса, хотин-қизларнинг кундалик ҳаёти, ўй-фикри, орзу истаги, тавдиридир. «Ўсма қўйиш», «Кундошлик», «Подачи», «Гунг», «Малла девона» каби асарларда аёлларнинг ўтмишдаги оғир меҳнати ва аянчли қисмати тасвирланса, «Замбур», «Домла эшон», «Лой совун» ҳажвияларида амаддор ва фирибгарлар фош этилади. Кейинги даврда яратилган Аёллар қизиқчилиги (т.) асарлари асосини ахлоқ, турмуш, оила ва тарбия мавзуидаги томошалар ташкил этди.
Ад.: Қодиров М., Ўзбек халқ оғзаки драмаси, Т., 1963.
Муҳсин Қодиров.