АЁЗ ҚАЛЪА

АЁЗ ҚАЛЪА — мил. 2—4-а. ларга оид учта қалъа харобасидан иборат археологик ёдгорликлар мажмуаси. Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тума-нида жойлашган. Аёз қалъани Хоразм археология-этнография экспедицияси топиб (1937), унда археологик қазишмалар олиб борди. Бу мажмуадаги учинчи қалъа муфассалроқ ўрганилди. Унинг саҳни 260×180 м бўлиб, ҳовли ва 40 хонали бинодан иборат. Хоналарининг умумий майд. 2400 м2. Хона деворлари тўрт бурчакли хом ғиштдан терилган. Аёз қалъа мажмуасида, асосан Кушон подшолиги даврига доир сопол, меҳнат қуроллари, қурол-яроғлар, зеб-зийнатлар ва тангалар, жумладан, Канишка пуллари топилди. Аёз қалъа ўз даврида Хоразмнинг шим.шарқий чегарасида мустаҳкам истеҳком вазифасини ўтаган.

Ад..Толстов С. П., Древний Хорезм, М., 1948; Толстов С. П., По следам древнехорезмийской цивилизации, М., 1948.