АҲМАД МИДҲАТ

АҲМАД МИДҲАТ (1844 – 1913) — турк ёзувчиси, маърифатпарвар. Турк адабиётида кичик ҳикоя ва романчилик асосчиси. Илк ҳикоялар тўплами («Қиссадан ҳисса») 1870 й. да босилган. Бағдодда (1868), Истанбулда (1871) босмахона ташкил этиб, газ. ва жур. лар чикарган. Тарих, фалсафа, дин, жуғрофияга оид асарлар ёзган. «Дунёга иккинчи келиш» (1874), «Ҳасан Маллоҳ» (1874), «Ҳусайн Фаллоҳ» (1875), «Парижда бир турк» (1876), «Раққоса» (1877), «Ёш турк» (1908) каби асарлар муаллифи. Аҳмад Мидҳат француз ёзувчилари асарларини турк тилига таржима қилган.