АҚЛИЙ ТАРБИЯ

АҚЛИЙ ТАРБИЯ — шахснинг ҳар томонлама тараққиёти, уни турмуш ва меҳнатга тайёрлашнинг муҳим таркибий қисми. Ақлий тарбия билимларни тўплаш, бирор нарсани таҳлил ва синтез қилиш, нарса ва ҳодисаларни таққослаш ҳамда таснифлаш, умумлаштириш, мавҳумлаштириш, уларни бир тизимга солишни назарда тутади. Ақлий тарбия вазифаси интеллектуал кўникмалар, яъни ҳар қандай фанни ўрганишда қўлланиладиган умумий ўқув кўникмалари — ўқиш, тинглаш, ўз фикрини оғзаки баён этиш, ёзиш, манба билан ишлаш, мустақил ишлаш малакаларини шунингдек бирор фанни эгаллаш бўйича зарур бўлган махсус кўникмалар (чизма, хариталарни ўқий билиш, уларнинг натижаларини чиқара олиш)ни эгаллашдан иборат. Илмий дунёқарашни шакллантириш, яъни болаларга олам илмий манзараси, табиат ва жамият тараққиётининг асосий қонунларини тушунтириш ҳам Ақлий тарбиянинг муҳим вазифасидан биридир. Бунда болалар ҳаётининг дастлабки йилидаёқ атрофни ўраб турган барча нарсалар билан таништириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Ақлий тарбия таълим, ўйин, меҳнат жараёнида, ҳаётий вазиятларни ҳал этиш, катталар ва тенгдошлар билан бўлган мулоқотда, оммавий ахборот воситалари орқали олинадиган ахборотларни қабул қилиш ва ўзлаштиришда рўй беради.